Fotihbek9900 :
Ҳар бир мусулмон Аллоҳнинг шариатига амал қилиб яшаши учун, авваламбор, Аллоҳга бўлган иймони далилдан келиб чиқиши керак. Атрофимиздаги нарсалар устида чуқур ва ёрқин фикрласак, кўплаб далилларни топамиз. Масалан, ғишт, цемент, қум, тош, тупроқ, арматура, ёғоч, мих каби нарсаларни бир жойга тўплаб қўйсак, ўз-ўзидан ҳеч қачон уй қурилиб қолмайди. Албатта, уйни лойиҳалаштирувчи ва қурувчи уста бўлиши шарт. Худди шунга ўхшаб, ерга экилган помидор уруғидан баландлиги 50-100 см бўлган, пояси қаттиқ, бир неча шохларга шохланган, яшил япроқли, қизил думалоқ ва усти ташқи таъсирлардан ҳимояланган помидор меваси ўз-ўзидан пишиб етилиши ҳам мумкин эмас. Чунки унинг пишиб етилиши учун керакли ҳарорат, намлик ва тупроқдаги зарурий элементларнинг аниқ миқдори зарур. Бу миқдорлар кўпайиб кетса ҳам ёки етишмай қолса ҳам, мева пишмайди. Бу меъёрлар эса қонуниятлардир. Бундай меъёрларни на помидор, на қуёш, на тупроқ, на инсон ва на атрофдаги бошқа нарсалар белгилашга қодир эмас. Аммо соғлом ақл бундай қонуниятни кимдир белгилаши кераклигини тасдиқлайди. Бу эса бундай мураккаб ва фойдали маҳсулот бир Буюк Зот томонидан яратилганлигига далолат қилади. Ана шу Яратувчи Аллоҳ Субҳанаҳу ва Таолодир. Иймони шу тарзда далилдан келиб чиққан ҳар бир мусулмоннинг амаллари сўзсиз Аллоҳнинг буйруқ ва қайтариқларига мувофиқ бўлади.
2026-04-16 17:15:48