✨𝙅𝘼𝙉𝙉𝘼𝙏𝙄𝙈 ✨✨ :
ЯХШИЛИК ҚИЛДИНГМИ, ДАРЁГА ТАШЛА,
БИЛСА БАЛИҚ, БИЛМАСА-- ХОЛИҚ
( мақол)
Истасанг, бўлмоқлик бандайи аввал,
Ё билсанг, ўзингни инсон мукаммал,
Одат қил, ҳар кунга бир яхши амал,
Яхши одамлардан яхшилик қолар...
Йўлингда дуч келса, тошми ёки хас,
Олиб от, депсинмай токи бирор кас,
Бу ҳам яхши иш деб қилишсин ҳавас,
Яхши одамлардан яхшилик қолар...
Бир бемор сен сабаб топсами даво,
Нафасин тўлдириб олсами ҳаво,
Муҳтожнинг ҳожатин айласанг раво,
Яхши одамлардан яхшилик қолар...
Ариқ қаз, ниҳол эк, катта боғ ярат,
Ўрнак бўл, ҳаммани ўзингга қарат,
Айт, бунинг қиймати неча минг карат,
Яхши одамлардан яхшилик қолар...
Дарёга ҳар не қилсанг, билгувчи балиқ,
Магар балиқ билмас, ўзи бор--Холиқ,
Ки зинҳор амалингга, сўрама солиқ,
Яхши одамлардан яхшилик қолар...
Яхшиларга улаш қалбинг қўрини,
Унинг билан тўлдир, кўнгил тўрини,
Яхшилик белгилар одам зўрини,
Яхши одамлардан яхшилик қолар...
Яхшиликни солиҳ одамлардан кут,
Улар қўлларидан сен ҳам маҳкам тут,
Қилдингми, қилганинг шу куни унут,
Яхши одамлардан яхшилик қолар...
Ҳамманинг кўнглига бир куни солсин,
Яхшилардан фақат яхшилик қолсин!..
2026-07-25 11:13:48