Doktor 07🇸🇮🐬🇹🇷07.Milano :
Мурожаатнома: Инсонийлик ва иймон чегарасини унутмайлик!
Азиз ватандошлар, ижтимоий тармоқ фойдаланувчилари ва контент ижодкорлари!
Сўнгги вақтларда виртуал оламда «активлик», обуначи ва «лайк» йиғиш илинжида энг муқаддас қадриятларимизни, инсонийлик ва диний маданиятимизни оёқости қилиш ҳолатлари учрамоқда. Ижтимоий тармоқларда тарқалган, марҳум дўстининг жасади устидан шоу қилган, морг ва қабристон ичида пул сочиб, рақсга тушган Ливица, Ҳожи бола ва Азиз каби кимсаларнинг қилмишлари бунинг яққул исботидир. Бу нафақат марҳумнинг хотирасига нисбатан ҳурматсизлик, балки бутун жамият маънавиятига берилган оғир зарбадир.
Ўлим — бу кўнгилочар томоша эмас, балки ҳар бир инсон тафаккур қиладиган, охиратни эслайдиган оғир синовдир. Қабристон эса рақс майдончаси ёки видео олинадиган саҳна эмас. Бир дона «лайк» ёки бир нечта обуначи учун виждонни, ҳаёни ва иймонни сотиш тубанликнинг энг юқори нуқтасидир. Инсон қадр-қиммати, айниқса, бу ёруғ дунёни тарк этган банданинг ҳаққи ҳар қандай виртуал машҳурликдан устун туриши шарт.
Бутун жамоатчиликни, ота-оналарни ва ёшларни бундай хунук ҳолатларга бефарқ бўлмасликка чақирамиз. Бундай жирканч видеоларни тарқатманг, уларга изоҳ ёзманг ва кўришлар сонини ошириб, уларнинг «активига» ҳисса қўшманг. Зеро, бундай контентларни эътиборсиз қолдириш ва блоклаш уларнинг кенг ёйилиши олдини олишнинг энг самарали йўлидир. Блогерлар ва контент яратувчилардан эса ижод қилаётганда инсонийлик, уят ва масъулият чегараларини унутиб қўймасликларини сўраб қоламиз. Иймонимизни, асрий қадриятларимизни виртуал оламнинг арзон шуҳратига алмашмайлик.
2026-10-04 06:00:45